Тошкентда хавфсизлик бўйича ўзбек-афғон қўшма комиссияси илк йиғини бўлди


Тошкентда ўзбек-афғон қўшма комиссияси учрашуви, 10 февраль, 2018-йил

Тошкентда ўзбек-афғон қўшма комиссияси учрашуви, 10 февраль, 2018-йил

10 февраль куни Тошкентда Хавфсизлик масалалари бўйича Ўзбекистон-Афғонистон қўшма комиссиясининг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди.

ЎзА агентлигининг хабар қилишича, қўшма комиссияни тузиш бўйича келишувга Афғонистон президенти Муҳаммад Ашраф Ғанининг ўтган йили декабрь ойида Ўзбекистонга қилган сафари чоғида эришилган эди.

Комиссия таркибига ҳар икки давлатнинг хавфсизлик кенгашлари бошқаруви, ҳуқуқ-тартибот органларидан вакиллар киритилган.

Хабарда айтилишича, қўшма комиссияларнинг илк йиғинида икки давлат ўртасида терроризм ва экстремизмга қарши кураш, қурол-яроғ савдоси ва гиёҳвандлик моддаларининг ноқонуний савдоси, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни қонунийлаштириш ва уюшган трансмиллий жиноятчиликка барҳам бериш бўйича ҳамкорлик муҳокама қилинган.

Шунингдек, томонлар “Мозори-Шариф – Ҳирот темир йўли ҳамда Сурхон – Пули-Хумри электр узатиш линияси қурилишини амалга ошириш” муҳимлигини қайд этган.

Хавфсизлик бўйича Ўзбекистон-Афғонистон қўшма комиссияси биринчи учрашуви якунида томонлар баённома имзоладилар.

Be the first to comment

Leave a Reply

Your email address will not be published.