Президент 7 давлатдан борадиган сайёҳларга визани бекор қилди


Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев фармони билан 10 февралдан 7 давлат фуқаролари учун виза бекор қилинди. Бундан буён Туркия, Малайзия, Жанубий Корея, Исроил, Индонезия, Сингапур ва Япония фуқаролари 30 кунлик муддатга визасиз Ўзбекистонга келиши мумкин.

Gazeta.uz сайтининг ҳукуматдаги манбасига таяниб хабар қилишича, президент «Ўзбекистон Республикаси туристик салоҳиятини ривожлантириш учун қулай шароитлар яратиш бўйича қўшимча ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонни имзолаган.

Шу тариқа, фуқаролари Ўзбекистонга визасиз кириши мумкин бўлган давлатлар сони 16 тага етади.

Ҳозирга қадар жами 9 давлат фуқаролари визасиз 60 кунлик муддатга Ўзбекистонга сафар қилиши мумкин эди.

Булар: Қозоғистон, Қирғизистон, Озарбойжон, Арманистон, Россия, Украина, Грузия, Белорус ва Молдовадир. Бу давлатларнинг фуқаролари 60 кунлик муддатга визасиз Ўзбекистонга киришлари мумкин. Айни пайтда Ўзбекистон фуқаролари ҳам бу давлатларга визасиз боришлари мумкин.

Бундан ташқари, айни фармон билан президент 39 давлат фуқаролари учун сайёҳлик визаларини расмийлаштириш тартибини соддалаштирди.

Жумладан, Ўзбекистонга келувчилар учун ўзбекистонлик жисмоний ёки юридик шахснинг Ташқи ишлар вазирлигига мурожаат қилиши ёки туристик ваучерни тақдим қилиши бекор қилинадиган бўлди. Шунингдек, бу давлатлар фуқароларига визани бериш муддати 2 иш куни қилиб белгиланди.

Шу вақтга қадар 15 давлат фуқаролари Ўзбекистонга визани соддалаштирилган тартибда олаётган эдилар.

Шу тариқа, виза олиш тартиби енгиллаштирилган давлатлар сони 51тага етди. Булардан 3 таси – Малайзия, Туркия ва Япония фуқаролари виза бекор бўлди.

Қолганлари эса қуйидаги давлатлардир:

Австралия, Албания, Андорра, Австрия, Белгия, Буюк Британия, Болгария, Босния ва Герцеговина, Ватикан, Венгрия, Греция, Дания, Ҳиндистон, Ирландия, Исландия, Кувайт, Канада, Литва, Хитой, жумладан Гонконг, Лихтенштейн, Люксембург, Македония, Мальта, Монако, Нидерландия, Янги Зеландия, Норвегия, БАА, Уммон, Португалия, Руминия, Сан-Марино, Саудия Арабистони, Сербия, Словакия, Словения, АҚШ, Финляндия, Хорватия, Черногория, Швеция, Эстония, Германия, Испания, Италия, Латвия, Польша,Таиланд, Франция, Чехия, Швейцария.

Be the first to comment

Leave a Reply

Your email address will not be published.