Чингизхон “ўзбек экани”ни исботлашга уринаётганлар кескин танқид қилинди. Ўзбеклар орасида психологларга “фақат жиннилар боради” деган хато қараш ҳамон мавжуд. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.
Ўзбекистон либерал-демократик партияси Ражаб Тоййиб Эрдўғон партияси билан ҳамкорлик қилади
Ўзбекистон либерал-демократик партияси раҳбари Актам Ҳаитов Туркиянинг “Адолат ва тараққиёт” партияси съездида қатнашди (“XXI аср”, 21 август).
Туркиянинг президентлик тизимига ўтиши муносабати билан ўтказилган анжуманда дунёнинг 30 дан ошиқ давлати ва 70 га яқин халқаро ташкилот вакили қатнашган.
Съезд доирасида ўтган музокараларда Туркиянинг иқтидордаги партияси ЎзЛиДеП билан ҳамкорликни ривожлантиришдан манфаатдорлигини билдирган.
Либерал-демократик партия матбуот хизмати икки давлат партиялари ҳамкорликни ривожлантириш борасида вазифаларни белгилаб олганини маълум қилган. Аммо ҳамкорлик айнан қайси жабҳада кечишига ойдинлик киритилмаган.
Эслатиб ўтамиз, Туркиянинг “Адолат ва тараққиёт” партияси етакчиси Ражаб Тоййиб Эрдўғон жорий йил 24 июнда бўлиб ўтган сайловда 52,5 фоиз овоз йиғиб, янги муддатга давлат раҳбарлигига сайланган.
Ўзбеклар орасида психологларга “фақат жиннилар боради” деган хато қараш ҳамон мавжуд
Ўзбекистон вилоятларида малакали психологларнинг етарли эмаслиги ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари кўпайишига сабаб бўлмоқда (“Ҳуррият”, 21 август).
Масалан, Самарқанд вилоятида жорий йил ярмида 200 дан ортиқ киши ўз жонига қасд қилган ва улардан 100 га яқини нобуд бўлган. Ҳалок бўлганларнинг 30 фоизи оилавий келишмовчиликлар сабаб ўзини ажал қўлига топширган.
Қайд этилишича, ҳолбуки, психолог маслаҳати ёрдамида ана шу ўлимлар олдини олиш мумкин эди.
“Малакали психологлар камлигини айтдик. Муаммонинг иккинчи томони ҳам бор. Ҳар қандай мутахассис талаб бор жойда шаклланади” деб ёзади газета.
Қайд этилишича, одамлар орасида ҳамон психолог ҳузурига “фақат жиннилар боради” деган хато қараш ҳукмронлик қилмоқда.
Матбуот: Минглаб одамни қиличдан ўтказган Чингизхонни ўзбек деб аташ тўғри эмас
Ижтимоий тармоқларда мўғул ҳукмдори Чингизхон аслида “ўзбек экани” ҳақида баҳслар кучаймоқда (“Даракчи”, 23 август).
Баҳсда қатнашаётганларнинг айримлари “Чингизхон бўлмаганда ўзбек халқи ҳам бўлмас эди”, “Чингизхон – бизнинг аждодимиз” сингари фикрларни илгари сурмоқда.
“Даракчи” нашри эса бундай ёндашувни кескин танқид қилган. Қайд этилишича, Чингизхоннинг отаси мўғулларнинг боржигин, онаси эса олхонут уруғига мансуб эди. Чингизхон Мовароуннаҳрга келгунга қадар ҳам минг йиллар давомида бу ерда туркий халқлар яшаган.
Қолаверса, мўғул тили туркий тилларнинг бирортасига ўхшамайди. Мақолага кўра, шу боис инсоният тарихидаги энг золим ва шафқатсиз ҳукмдорни “ўзбеклаштириш” тўғри эмас.
Қайд этилишича, Чингизхон Самарқандда ҳар уч кишидан иккитасини, Марвда эса 1,4 миллион кишини қатлиом қилган. Тинч океанидан Марказий Европага қадар ёйилган давлатни қурган Чингизхон ва унинг авлодлари 40 миллион киши ёки ўша давр Ер аҳолисининг 11 фоизини қиличдан ўтказган.
Leave a Reply