Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги ва Туркия Интерполнинг Анқарадаги Миллий марказий бюроси Суриядаги урушда қатнашган ўзбекистонлик жангариларни қидириш борасида ўзаро ҳамкорлик қилишга келишиб олди.
Иккала томон расмийларининг Тошкентда ўтказилган учрашувида Сурияда жанг қилган ва қилаëтган ўзбекистонликлар шахсини аниқлаш ва улар изига тушиш йўл-йўриқлари муҳокама қилинди¸ деб хабар қилди вазирлик матбуот хизмати.
Айтилишича¸ бундай жангариларни топиб¸ уларни асл ватанига қайтариш бу ҳамкорликнинг устивор вазифаси қилиб белгиланган.
Айни пайтда¸ Ўзбекистон ИИВ ва турк Интерпол бюроси бу масалага доир махфий маълумотни мунтазам равишда ўзаро айирбошлаш борасида ҳам келишиб олган.
Сурия ва Ироқдаги қуролли жангариларга қарши уюштирилган кенг кўламли ҳаво ҳужумларига қарамай террорчилар бошқа мамлакатлар¸ хусусан¸ Туркияга ўтишга муваффақ бўлмоқда.
НАТО ва Ғарб давлатлари жангариларнинг Туркия орқали бошқа давлатларга тарқаши глобал хавфсизлик учун жиддий таҳдид эканини айтмоқда.
Сурия ва Ироқдаги экстремистик гуруҳлар сафида жанг қилган ўзбекистонликлар сонининг бир неча юзни ташкил қилиши тахмин этилади.
Leave a Reply