Тошкентда 27 декабрь куни Ўзбекистон, Қирғизистон ва Хитой расмийлари уч давлат ҳудудидан ўтувчи темир йўл қурилишини муҳокама қилади. Қирғизистон Транспорт ва йўллар вазирлиги 22 декабрда учрашув вазирлар даражасида ўтишини маълум қилган эди.
Қирғизистонлик сиёсатшунослар ва мутахасислар Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўлининг қурилиши масаласига Ўзбекистон биринчи марта жиддий эътибор қаратаётганини Тошкент ва Остона ўртасидаги халқаро транзит учун кетаётган рақобатнинг бир кўриниши сифатида баҳоламоқда.
Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўлини қуриш масаласи 1998 йилдан бери муҳокама қилиб келинмоқда.
Аввалги йилларда темир йўлни лойиҳалаш ишлари расмий Тошкент ва Бишкек ўзаро келиша олмаётгани сабабли ортга сурилаётгани айтилган эди. Бунинг натижасида 2011 йилда Қирғизистон аввалги лойиҳадан воз кечиб, темир йўлни Тожикистон орқали қуриш масаласини олға суриб келаётганди.
Жорий йилнинг январида Тошкент Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўлини қуришга мойиллик билдирганидан сўнг бу борадаги музокаралар яна жонланди.
Бишкеклик сиёсатшунос Марс Сариев бу ҳолатни шарҳлар экан:
-Қирғизистоннинг Ўзбекистон билан муносабатлари анча илиқлаша бошлади. Тошкент Қирғизистон билан муносабатларни яхшилаш орқали Хитойга халқаро “йўлак” очиб олишдан манфаатдор. Бундай имконият қўлга киритилган тақдирда Ўзбекистоннинг таъсири кучайиб, бу давлат минтақадаги лидерлигини мустаҳкамлайди. Бу эса Қозоғистоннинг лидерлик иддаоларига зарба бериши мумкин. Шунинг учун Остона Бишкекнинг Тошкент билан муносабатларига “рашк” билан қарайди,-деб айтди.
Гап шундаки, Тошкентда Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўли бўйича муҳокамалар бошланиши арафасида, яъни 25 декабрда Қирғизистон президенти Сўўрўнбай Жээнбеков Қозоғистонга расмий сафар билан борди.
Қозоғистон ва Қирғизистон муносабатлари сўнгги пайтларда жуда совуқлашиб кетган эди. Бунга Қирғизистоннинг собиқ президенти Алмазбек Атамбаев қозоқ раҳбари Нурсултон Назарбоевни Қирғизистоннинг ички ишларига аралашаётганликда айблаб қаттиқ танқид қилгани, бунинг ортидан эса Қозоғистон бу мамлакат билан чегараларини ёпгани сабаб бўлган эди.
Икки давлат ўртасидаги муносабатлар кескин совуқлашганига қарамай, Назарбоев Жээнбековни жуда илиқ кутиб олди ҳамда “Қирғизистон билан муносабатларни илиқлаштириш, икки давлат ўртасидаги ҳар қандай муаммоларни ҳал этишга тўла тайёр эканини” билдирди.
Шундан келиб чиққан ҳолда логистика бўйича бишкеклик эксперт Абай Алимкулов Бишкек Остонва ва Тошкент манфаатлари тўқнашадиган нуқтага айланмоқда, деб ҳисоблайди.
-Хитой учун 18 миллион кишилик бозори бор Қозоғистондан кўра, 32 миллион кишилик бозори бор Ўзбекистон орқали юкларни ташиш манфаатлироқ бўлади. Бу йўл Туркманистонга, Кавказга ва Яқин Шарққа чиқиш имкониятини беради. Қозоғистон Қирғизистон билан чегарасини ёпиб, Хитойни барча юкларни ўз чегараси орқали ташишга мажбур қилмоқчи бўлди. Бироқ Хитой бунга кўнмади. Чунки Қирғизистон орқали юк ташилганида йўл 956 километрга қисқаради. Қозоғистон Қирғизистон билан чегараларини ёпиб қўйгани оқибатида, Хитой Қирғизистон орқали юк ташишнинг муқобил йўлларини, яъниЎзбекистон масаласини кўриб чиқмоқда, -деди мутахасис.
2012 йилги ҳисоб-китобларга кўра “Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон” темир йўлини қуришга 6-6,5 миллиард доллар кетади.
Leave a Reply