Алишер Усмонов Энрике Иглесиаснинг бепул концертини уюштираяпти


28 декабрь куни Тошкентдаги “Истиқлол” санъат саройида испаниялик таниқли қўшиқчи Энрике Иглесиаснинг бепул концерти намойиш қилинади.

Art Uz Promotion Agency хабарига кўра, концерт ташкилотчиси келиб чиқиши ўзбекистонлик бўлган россиялик миллиардер Алишер Усмоновдир.

Концерт чипталари олийгоҳларнинг аълочи талабаларига, фаол ёшларга тарқатилади. Чипталар Ўзбекистон Маданият вазирлиги ва Ёшлар Иттифоқи ҳамда Меҳрибонлик уйлари томонидан тарқатилиши айтилди.

Энрике Иглесиас- Алишер Усмонов ушбу ойда Ўзбекистонга олиб келаётган хориж юлдузларининг учинчисидир.

Усмонов британиялик қўшиқчи Робби Уилямс ва испаниялик тенор Хосе Каррерасни ҳам Тошкентдаги концертини ташкиллаштиргани ҳабар қилинди.

Маҳаллий нашрлар томонидан “уч хориж юлдузининг концертлари Усмоновнинг ўзбекистонликларга янги йил туҳфаси”, дея тақдим қилинди.

Робби Уилямс концерти ўзбекистонлик томошабинлар орасида кенг баҳс-мунозарага сабаб бўлди: Биринчидан, концертга билетлар 1 ярим миллион сўмдан 2 миллион сўмгача нархда сотилгани ва иккинчидан, концерт пайти қўшиқчининг томошабинларга орқасини кўрсатгани ижтимоий тармоқларнинг асосий мавзусига айланди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Алишер Усмановни қариндошлик ришталари ўзаро боғлаб туради. Диёра Усмонова – Мирзиёевнинг рафиқаси жияни бўлиб, Алишер Усмоновнинг жияни, 2013 йилда Тошкентдаги ЙҲҲда ҳалок бўлган Бобурнинг бевасидир.

Бундан аввал Алишер Усмонов Ўзбекистон президентига ўз учоғини фойдаланишга берганди.

“Ўзбекистон ҳаво йўллари” ширкати россиялик миллиардер Алишер Усмоновнинг Airbus 340 M-IABU учоғи Ўзбекистон президентининг расмий учоғи сифатида узоқ масофага мўлжалланган рейсларда фойдаланиш мақсадида вақтинча ижарага олинганини маълум қилганди.

Be the first to comment

Leave a Reply

Your email address will not be published.