Уз.а ахборот агентлигининг хабар беришича, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Тошкент давлат аграр университети Нукус филиалининг Чимбой туманидаги академик лицейида кўр-кўрона пахта экиш вақти ўтгани ҳақида гапирган:
“Пахтани фойда берса ҳам, фойда бермаса ҳам экавериш вақти ўтди. Даромад бермадими, бошқа экин экиш керак. Масалан, қизилмия бу ер иқлими ва шароитига мос келади. Шундай экан, нима учун уни кўпайтиришни йўлга қўймаслигимиз керак”, деди Шавкат Мирзиёев.
Президент Қорақалпоғистон ери ва иқлимида фармацевтика плантациялари яхши фойда келтириши ҳақида гапирган.
Қизилмия – дуккакдош ўсимликлар оиласига мансуб кўп йиллик ўт ўсимлик ҳисобланиб, сувсиз жойларда яхши ўсади ва илдизи 4-5 метр чуқурликкача боради. Илдизидан тайёрланган қуюқ ва қуруқ экстрактлари нафас йўллари касалланганда, балғам кўчирувчи, сурункали қабзиятда эса енгил сурги дори сифатида қўлланилади.
Чимбой тумани ҳокимлигининг ўзини таништирмаган мулозимини айтишича, Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистонга ташрифини болалар боғчасини бориб кўришдан бошлаган эди:
“Президент боғчада болаларнинг қандай овқатланаётгани билан қизиқди. Болалар совқотиб қолмаяптими, деб сўради. Кейин боғчаларни бизнинг совуқ иқлимга мослаб қуриш керак, поллари иситиладиган бўлиши керак деб топшириқ берди. Ҳақиқатан ҳам Қорақалпоғистон Ўзбекистоннинг энг иқлими совуқ ҳудуди, ҳозир бизда 15 даража совуқ бўлиб турибди”, деди ҳокимлик мулозим.
Озодлик суҳбатлашган чимбойликлардан бири, кўпчилик президентни кўриш ва у билан суҳбатлашиш имкони истаб кўчаларда турганини айтди:
“Ҳаво совуқ бўлишига қарамай кўпчилик президент келади экан, бир кўрайлик, муаммоларимизни айтайлик деб марказий кўчанинг икки бетига чиқиб турибди. Мен ҳам анча туриб, совқотиб ҳозир қайтиб келдим. Лекин, тўсилиб ёпилмаган, транспорт қатнови бемалол бўляпти”, деди чимбойликлардан бири.
Тўрткўл туманида истиқомат қиладиган, исми сир қолишини сўраган ўқитувчилардан бирининг айтишича, президент бошлаган ислоҳотлар ва чиқарган қарорлар бажарилмай қоляпти:
– Президентнинг ўтган бир йиллик фаолияти даврида на ички ишларда, на прокуратурада, ҳокимиятда умуман ўзгариш бўлмади. Аксинча янаям ёмон бўлди. Бизда президентимизнинг айтганини тескарисини қиладилар. Аҳолининг аризаларидаги муммолар ечилмайди, фақат жавоб хати билан чегараланади. Президентимиз раҳбарларга халқнинг олдига боринглар деб айтяпти, лекин у халқнинг олдига бориш тугул ҳатто кабинетида қабул қилмайди. Ҳамма жойда аввалгидек коррупция, таниш-билишчилик. Мутлақо ҳеч қанақа ўзгариш йўқ, деди ўқитувчи.
Озодлик олган хабарга кўра, айни пайтда президент Нукус шаҳрида туманлар ҳокимиятидаги мажлисхоналар уланган видеоселектор ўтказмоқда.
Leave a Reply