Косонсой сув омбори Қирғизистонга, Иссиқкўлдаги пансионатлар Ўзбекистонга қайтарилди


Иссиқкўлдаги “Роҳат” пансионати 2016 йилгача Ўзбекистон ихтиёрида эди.

Қирғизистон янги президенти Сўўрўнбай Жээнбековнинг Тошкентга расмий сафари арафасида қирғиз парламенти Ўзбекистон билан муносабатларга оид қатор ҳужжатларни муҳокама қилди.

Қирғизистон парламентининг қўмиталари Косонсой сув омборини Ўзбекистон билан ҳамкорликда фойдаланиш шартномасини муҳокама қилиб, уни ратификациялашга рухсат берди. Мазкур шартнома президент Алмазбек Атамбаевнинг 6 октябрда Тошкентга қилган сафари доирасида имзоланган эди.

Парламентга бу борада ахборот берган қишлоқ хўжалик, озиқ-овқат саноати ва мелиорация вазири Нурбек Мурашевнинг айтишича, мазкур шартнома Қирғизистонда Ўртатўқай, Ўзбекистонда Косонсой деб аталувчи сув омборини давлатлараро фойдаланишнинг тартибини белгилаб беради.

Вазирнинг айтишича, сув омборини қўриқлаш, фойдаланиш ва бошқариш тўлиқ Қирғизистон ихтиёрига ўтади. Мазкур сув омборидаги сувнинг 92 фоизидан Ўзбекистон фойдаланади. Шунинг учун ҳам Ўзбекистон сув омборига сув тўплаш учун кетадиган 16 миллион қирғиз сўми, яъни 230 минг АҚШ долларидан кўпроқ ҳаражатни йил сайин тўлаб бериш мажбуриятни ўз зиммасига олади.

Мазкур шартноманинг ратификация қилинши билан 22 йилдан бери Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги баҳслар ҳамда айрим ҳолатларда низоларга сабаб бўлиб келган Косонсой сув омбори масаласи ҳал этилади.

Косонсойдан Шўролар давридан бери Ўзбекистон фойдаланиб келади. Қирғизистон сув омбори ва унинг атрофидаги ҳудуд ўзига тегишли эканини билдирган. Айни пайтда Тошкент Косонсой сув омбори Ўзбекистонга тегишли эканини, бу объект тўлиғича Тошкент ихтиёрига ўтказилиши шартлигини талаб қилиб келган эди.

Қирғизистон янги президенти Сўўрўнбай Жээнбековнинг Тошкентга расмий сафари арафасида қирғиз парламенти муҳокама қилган иккинчи ҳужжат Иссиқкўлдаги 4та пансионатни Ўзбекистонга қайтариш бўйича шартнома бўлди. Парламент қўмиталари бу шартномани ҳам қўллаб, уни ратификация қилишга рухсат бердилар.

-Собиқ президент Алмазбек Атамбаев Ўзбекистонга расмий ташриф билан борганида бу пансионатларни қайтариш бўйича келишувга эришилган эди, -деди бош вазир ўринбосари Дайир Кенекеев парламентда қилган чиқишида.

Шартномага кўра, пансионатлар жойлашган ерлар Қирғизистонга қарашли бўлиб қолаверади, пансионатларни бошқариш ҳуқуқи Ўзбекистонга берилади. Ўзбекистон пансионатларни яқин йилларда 3-4 юлдузли меҳмонхоналарга айлантириш мажбуриятини ўз зиммасига олади. Пансионат ходимларининг 80 фоизи ҳам қирғизистонликлар бўлиши шарт.

2016 йил 4 апрелида Ўзбекистон билан муносабатлар ёмонлашгани ортидан Қирғизистоннинг ўша пайтдаги бош вазири Темир Сариев Иссиқкўлдаги Ўзбекистонга қарашли “Дилором”, “Роҳат”, “Олтин қум” ва “Бўстон” пансионатларини Қирғизистон ихтиёрига ўтказиш тўғрисида қарор имзолаган эди.

Мазкур қарор қабул қилинишига 2016 йилнинг 18 март куни Ўзбекистон Қирғизистон билан баҳсли бўлиб турган Чаласарт ҳудудига ҳарбий техника ва аскар киритгани ортидан бу икки давлат ўртасидаги муносабатларнинг ўта кескинлашуви сабаб бўлган эди. Вазият 26 март куни Чаласартдан ўзбек аскарлари ва ҳарбий техникаси олиб чиқиб кетилганидан сўнг юмшаган.

Бош вазир ўринбосари Дайир Кенекеевга кўра, президент Сўўрўнбой Жээнбековнинг Ўзбекистонга сафари арафасида пансионатлар билан боғлиқ масала шошилинч равишда кун тартибига чиққан. Сўўрўнбай Жээнбековнинг Тошкентга расмий сафари 13-14 декабрь кунлари амалга оширилади.

Be the first to comment

Leave a Reply

Your email address will not be published.