Ўзбек атласи ва адрасини анъанавий тўқиш технологияси ЮНЕСКОнинг “инсоният номоддий маданий мероси” рўйхатига киритилди. Бу ҳақдаги қарор жамғарманинг Номоддий маданий меросни сақлаш бўйича ҳукуматлараро қўмитаси Жанубий Кореяда 4-9 декабр кунлари ўтказган йиғинида олинди.
Жанубий Кореянинг Жежу оролида бўлиб ўтган беш кунлик йиғинда атлас ва адрас тўқиш анъанавий технологияси жаҳон маданий меросининг ажралмас қисми сифатида эътироф этилди.
Атлас ва адрас тўқиш технологияси Ўзбекистон ҳудудида антик даврларда вужудга келгани ва Марғилон шаҳри ушбу ҳунармандчиликнинг маркази ҳисобланиши айтилади.
Марғилон ҳунармандчиликни ривожлантириш маркази мутахассисларига кўра, эрамиздан аввалги 3 асрда Марғилон ҳунармандлари ипакли матоларни ишлаб чиқарган ва Осиёдан Европага қадар етказиб берган.
Бугунги кунда атлас ва адрас тўқиш анъанаси Марғилонда устоздан шогирдга ўтиб келмоқда.
Қўқондаги “Ҳунарманд” ташкилотининг раҳбари Мухторали Азимов Озодлик билан суҳбатда атлас ва адраснинг маданий мерос сифатида дунё миқёсида тан олиниши ўзбекистонлик ҳунармандлар учун катта ютуқ эканини айтди.
2007 йилда атлас ва адрас тўқиш анъаналарини давом эттириш ва келажак авлодга етказиш мақсадида ЮНЕСКО ҳамкорлигида Марғилон шаҳридаги Сайид Ахмад Хўжа мадрасасида Марғилон ҳунармандчиликни ривожлантириш маркази ташкил этилган эди.
Марказда Расулжон ва Рахимжон Мирзааҳмедовлар (9 авлод вакиллари), Алишер Ахмадалиев ва Маҳмуджон Турсунов (3 авлод вакиллари) ҳамда Шерзоджон Ғозиев (2 авлод вакили) фаолият қилади.
ЮНЕСКОнинг номоддий маданий мероси рўйхатига бутун инсоният учун қадр-қимматга молик бўлган маданий ва табиий қадриятлар киритилади.
Бундан аввал ЮНЕСКО паловни номоддий маданий мероси рўйхатига киритган эди.
Leave a Reply