Пахтадан қайтган ўқитувчи ва шифокорлар энди темир тўплашга мажбурланмоқда


Жиззахлик ўқувчи мактабга темир элтмоқда

Фарғона¸ Урганч ва Нукусдаги ўқитувчи¸шифокор ва ўқувчилар металлолом йиғишга сафарбар қилинди. Озодлик мухбири билан 6 декабрь куни гаплашган ўқитувчи¸ шифокор ва ўқувчиларнинг ота-оналари кўча-кўйдан металл қолдиқлари қидириб ҳолдан тойгани ҳақида шикоят қилишди.

Темир солиғи

Нукусдаги 18 мактабда невараси ўқийдиган Азимбой Отаниëзовнинг Озодликка маълум қилишича, ҳар ўқувчига 10 кг, ўқитувчиларга 30 кгдан металлолом топшириш юклатилган:

Шундай топшириқ берилганини неварам айтиб келди. Ўқитувчи билан телефон оркали гаплашсам буни тасдиқлади¸ дейди суҳбатдош.

Азимбой Отаниëзовга кўра¸ невараси металлоломни ахлатхоналар ва зовурлардан қидиришга мажбур бўлган.

Ўз суриштируви давомида Озодлик Қорақалпоғистондаги кўплаб мактаб¸ коллеж ва шифохоналарга металлолом солиғи солинганини аниқлади.

Озодлик суҳбатлашган ота-оналарнинг айтишича¸ ўқувчилардан металлолом ўрнига пул талаб қилиш ҳолатлари ҳам бўлаяпти.

“Ҳаммаси қонуний”

Озодлик гаплашган расмийлар¸ шу жумладан, Нукус шаҳар прокуратураси вакили Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг металлолом жамғариш ҳақидаги қарори асосида ўқувчи¸ ўқитувчи ва тиббиëт ходимларига вазифа берилганлигини таъкидлади.

Ўзбекистонда ўқувчилардан металлолом, макулатура йиғиш ёки унинг ўрнига пул талаб қилиниши мамлакатнинг барча коллеж, лицей ва мактабларида мунтазам давом этаяпти.

Нукус шаҳар прокуратуасидаги ўзини таништирмаган ҳодим бу ҳолатда қонунсизлик йўқ дея таъкидлади:

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг металлолом жамғариш ҳақидаги қарори асосида бюджет ташклотлари ҳодимлари¸ жумладан, ўқитувчи¸ ўқувчи ва шифокорлар металлолом топширмоқда. Бу ерда мажбурийлик элементи йўқ. Бу мажбурий меҳнат эмас,-дея таъкидлади.

Ишдан бўшатиш таҳдиди

Исми айтилмаслик шарти билан Озодликка гапирган нукуслик ўқитувчи эса ўзининг раҳбар таҳдиди остида темир тўплашга мажбурланганлигини айтади:

– Агар темир нормасини бажармасанг ишдан бўшатиб юбораман деб директор таҳдид қилди. Ë пулини олиб кел ëки темир топшир деб ҳар куни дағдаға эшитаман. Ўзи яқинда пахта теримидан қайтдим. Ўқитувчи пахта теради¸ темир тўплайди¸ бундан вақти ортса кўча супиради¸ дейди суҳбатдош.

Be the first to comment

Leave a Reply

Your email address will not be published.