Сергей Майоров 2 ойдан буён МХХнинг собиқ Гвардейская кўчасидаги тергов изоляторида сақланаётган мустақил журналист Бобомурод Абдуллаев ҳимоясини 16 ноябрда бошлагани ва уни Ўзбекистон Мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи ёллаганини айтди.
Озодлик билан суҳбатда адвокат ўша кундан буён ҳимояланувчиси Бобомурод Абдуллаев билан кўришиш учун қилаётган уринишлари натижа бермаганини билдирди.
– 4 марта мурожаат қилдим. Иккитаси МХХга, бири Бош прокурорга, яна бири президентга. Шу кунгача бирорта мурожаатимга жавоб олмадим, – деди Сергей Майоров.
Адвокат журналист ишини суриштираётган терговчи билан ўзаро мулоқотларда Бобомурод Абдуллаев билан учрашувига “раҳбарият изн бермагани” оғзаки айтилганини қўшимча қилди.
– Мен ишни олиб бораётган МХХ терговчиси билан деярли ҳар куни телефонда мулоқот қилиб турибман. Авваллига у раҳбари рухсат бермаётганини айтди. Кейин, тергов ҳаракатлари бўлган кезда ўзимиз чақирамиз, дейишди. Кейин эса ҳозир ой охири, ҳисоботлар кўп, вақтимиз йўқ, дейишди. Энди мана декабрь ойи бошланди – душанба куни яна мурожаат қиламан, – дейди Сергей Майоров.
Ўзбекистон МХХ ҳибсхонасидаги ҳимояланувчиси билан учраштирилмаётган адвокат буни ноқонуний ҳаракат, деб баҳолайди.
– Биринчидан, менга ҳимояланувчим билан учрашиш имкони берилмаётгани ноқонунийдир. Учраштирилмаётганимнинг асл сабаби эса, менимча, журналистга босим ўтказиш мақсади бўлиши мумкин. Лекин мен, токи Абдуллаевнинг ўзи шахсан рад этмагунича, унинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишда давом этаман, – деди Сергей Майоров.
Бунга қадар Ўзбекистон Мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи адвокат Тўлқин Орифжонов 14 ноябрь куни журналист билан бир бора учраштирилганини хабар қилган эди.
Адвокатга ”қўққисдан қўнғироқ қилиб”, учрашувга чақиришган, адвокат эса Бобомурод Абдуллаевни кўриб чиққач, унинг шикояти йўқлиги, унда “ҳеч қанақа қийноқ белгилари йўқ”лигини айтган эди.
Мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромов: “Бу одамнинг ёши ҳам катта бўлгани учун, соғлиги тўғри келмай, “бу ишни олиб боролмайман”, деб ариза ёзди. Сўнгра шу Сергей Майоровни топиб, ёлладик”, деди 2 декабрь куни Озодлик билан суҳбатда.
2017 йилнинг 27 сентябрида Тошкентда қўлга олинган 44 ёшли мустақил журналист Бобомурод Абдуллаев Ўзбекистон Жиноят кодекси 159-моддасининг 4-қисмида кўзда тутилган жиноятларни содир этганликда (Ҳокимиятни босиб олиш ёки Ўзбекистон Республикаси конституциявий тузумини ағдариб ташлаш мақсадида фитна уюштириш) айбланмоқда.
Ўзбекистон Мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромов Озодликка тақдим этган 1 октябр кунги суд қарорида ëзилишича, “Абдуллаев “Ўзбекистон Халқ ҳаракати” функционери сифатида шу ҳаракат раҳбари Муҳаммад Солиҳнинг кўрсатмаси билан 2011 йилдан буён Усмон Ҳақназаров тахаллуси билан Интернетда мавжуд конституциявий тузумни ағдаришга қаратилган материалларни тарқатиш билан шуғулланиб келган”.
3 октябрь куни Туркиянинг Истанбул шаҳрида ўтказилган матбуот анжуманида “Ўзбекистон Халқ ҳаракати” раҳбари Муҳаммад Солиҳ Бобомурод Абдуллаев Усмон Ҳақназаров тахаллуси остида мақолалар эълон қилиб келган журналист эканини маълум қилган эди.
Leave a Reply